ТИЗИМДА ЯНГИ ИНСТИТУТ

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ: ТИЗИМДА ЯНГИ ИНСТИТУТ

         Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг  ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.

         2024 йилнинг 10 июнь куни “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

         Ушбу фармон судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини  янада кучайтиришга хизмат қилади.

         Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан:

         жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳила судьялар-тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади;

         жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади;

         жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиш тартиби белгиланди;

         тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади;

         тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

         Фармонга мувофиқ, тергов судьяси лавозими учун штат бирликлари судларнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда 2025-2027 йиллар учун ажратиладиган қўшимча штат бирликлари ҳисобига шакллантирилади.

         Ушбу фармон билан Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юкори малакали ва маъсулиятли кадрлар билан тўлдирилишини таъминлаш юклатилган.

Демак, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари-қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади.

Шунингдек тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда.Бу орқали жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция суди судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблиги таъминланади.

         Қисқаси, суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун кенг имкониятлар яратади.

 

           Сурхондарё вилоят судининг

                   судьяси                                                            Т.Бекпулатов