ТЕРГОВ СУДЬЯСИ — БУГУНГИ КУН ТАЛАБИ
ТЕРГОВ СУДЬЯСИ — БУГУНГИ КУН ТАЛАБИ! Судларда бу лавозимнинг жорий этилиши айблов тарафининг устунлик мавқеига барҳам беради
Прокурорнинг ва умуман айблов тарафининг жиноят ишларини юритишдаги мутлақ ҳуқуқ ва ваколатлар соҳиби эканлиги суд-ҳуқуқ тизимининг эски совет тузуми мафкураси асосида узоқ йиллар давомида шаклланган бир кўринишидир. Унинг замонавий принциплар ва халқаро стандартлар талабларига мутлақо мос келмаслиги эса бугун соҳадан озгина хабари бор одамга сир эмас. Профессионал тилда айтганда, инсон тақдири ҳал этиладиган ҳар қандай процессуал босқичда айблов ва ҳимоя тарафларининг тенг имкониятларда ҳаракатланишларига эришиш давр талабидир.
Бу, албатта, прокурор ва адвокатнинг тўлалигича тенг ҳуқуқли шахсларга айланиши керак, дегани эмас. Аммо, инсон манфаатлари масаласи ўртага чиқар экан, ҳимоячининг ўз вазифасини бажариш жараёнида айблов тарафи билан тенг имкониятлардан фойдаланишига шароит яратилиши шарт. Дунё тажрибасида эса бунга эришиш учун адвокатнинг холис орган бўлган судга мурожаат қилиши ҳуқуқи муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ республикамизда бугунги кунда 4000 га яқин адвокат фаолият юритишини2 ҳамда суднинг асосий вазифаси одил судлов фаолиятини олиб бориш эканлигини назарда тутадиган бўлсак, судлардаги иш ҳажмининг юқорилиги сабабли, ишни судга қадар юритишда адвокатларнинг ҳар бир мурожаатини тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганиб чиқиш имконияти судларда мавжуд эмас. Шунга кўра биз, хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари таркибида тергов судьяси лавозимини жорий этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Зеро, шу йўл билан жиноят ишини судга қадар юритишда тарафлар фаолиятини тенглик ва тортишув асосида олиб бориш имконияти таъминланади ҳамда айблов тарафининг устунлик мавқеига барҳам берилиб, ҳимоя тарафининг процессуал мақомини оширишга имконият яратилади. Аммо бундай лавозимни жорий этиш, ўз навбатида, суд-ҳуқуқ тизимида яна бир янги ислоҳотни амалга оширишни тақозо этади.
Тергов судьяси ўзи ким?
Албатта, бу ўринда “тергов судьяси” тушунчасининг ўзига ҳам озгина таъриф бериб ўтиш керак бўлади.
Тергов судьяси – бу жиноят ишларини юритишнинг судга қадар бўлган босқичларида фаолият олиб борувчи, айблов ва ҳимоя тарафининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб ва назорат қилиб турувчи ҳамда уларнинг ўз ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиб берувчи масъул мансабдор шахс ҳисобланади.
Ваколат доирасига кўра тергов судьяси зиммасига Ўзбекистон Республикаси ЖПКда кўрсатилган ишни судга қадар юритиш жараёнида суднинг қарори (ажрими) талаб қилинадиган процессуал ҳаракатлар бўйича суд ваколатларининг барчаси ўтказилади.
Энг асосийси эса, тергов судьясининг иш юзасидан холисликни ва тарафлар тенглигини таъминлаши нуқтаи назаридан келиб чиқиб, унга айблов тарафининг бир қатор ваколатлари, жумладан, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини ўзгартириш, мол-мулкни хатлаш ва уни тақиқдан ечиш, экспертиза ва тафтиш тайинлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчи ва терговчининг қонунга хилоф ҳамда асоссиз қарорларини бекор қилиш каби ваколатларнинг ҳам ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.
Тергов судьясида, шунингдек, адвокатлик сўровига мансабдор шахс томонидан рад жавобини олган ҳимоя тарафининг тегишли юридик ёрдам кўрсатиш ва ҳимояси остидаги шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳар қандай маълумот, ҳужжат ёки нарсаларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ва тегишли органларга сўров юбориш ваколати ҳам бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, шу кеча-кундузда кўтарилган яна бир масала —адвокат гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида ишга жалб этилган ҳолларда адвокатни мажбурий келтиришга, шахсий тинтув ўтказишга, унинг уй-жойи, хизмат хоналарини, юкларини, шахсий ва хизмат транспорт воситаларини кўздан кечиришга, адвокатни унинг касбий фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича сўроқ қилишга, шунингдек унинг почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилишга, ахборот ташишнинг электрон воситаларини кўздан кечиришга ва назорат қилишга, адвокатнинг телефони ва бошқа телекоммуникацион қурилмалари орқали амалга оширилаётган сўзлашувларни эшитиб боришга, алоқанинг техник каналларидан адвокатга боғлиқ бўлган ахборотни олишга санкция бериш билан боғлиқ ваколатлар ҳам тергов судьясига берилиши тергов судьяси фаолиятининг аҳамиятли жиҳатларидан бири сифатида белгиланади.
Умуман, бу каби кўплаб ваколатларнинг иш юзасидан холислик таъминланишига тўсқинлик қиладиган бошқа бир мустақил орган иш юритувига ўтказилиши натижасида судга қадар иш юритишда тарафлар тенглигининг таъминланишига, бу жараёнда тарафлар фаолияти устидан суд назоратининг муваффаққиятли амалга оширилишига, шунингдек ҳимоячининг ўз касбий фаолиятини амалга оширишида кенг имкониятлар ва қулайликлар яратилишига, алалоқибат, жиноят ишларининг шаффоф ва тенг ҳуқуқлилик асосида олиб борилишига эришиш мумкин.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, тергов судьяси институти бугунги кунда Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида ўз фаолиятини муваффаққиятли амалга ошириб келмоқда. Бу институт, айниқса, Францияда ўз тарихий илдизига эга бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин тутади ҳамда ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институт намунаси сифатида намоён бўлади.
Қолаверса, тергов судьяси институти бугунги кунга келиб бир қатор собиқ совет иттифоқи давлатларида ҳам жадаллик билан жорий этилмоқда. Хусусан, у 2002 йил Литвада (ЖПК 158-м.), 2003 йил Молдавия (ЖПК 41-м.) ва Эстонияда (ЖПК 21-м.), 2005 йил Латвияда (ЖПК 210-м.), 2013 йил Украинада (ЖПК 3-м.), 2015 йил эса Қозоғистон (ЖПК 55-м.) ва Грузияда (ЖПК 20-м.) жорий этилди. Ҳозирда эса Қирғизистон ва Арманистон Республикаларида эса тергов судьяси институтини жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг архивариуси Т.Тиловова