НОТИНЧ ОИЛА ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ КРИМИНОЛОГИК ТАВСИФИ

НОТИНЧ ОИЛА ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ КРИМИНОЛОГИК ТАВСИФИ

 

Дунёдаги барча давлатларнинг миллий қонунчилигида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, хусусан шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берилган. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида “инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги” эътироф этилади. Кўпгина давлатларда сўнгги йилларда оила-турмуш муносабатлари доирасида аёллар, болалар ва кексаларга нисбатан жабр-зулм ва зўравонлик қилишҳоллари кўплаб учрамоқда. Хусусан, ҳар йили аёлларнинг фоизи,1,5 миллиардгача болалар оилада турли кўринишдаги зўравонлик ва шафқатсиз муомалага, Европада эса ҳар беш нафар боладан бири жинсий зўравонликка дучор бўлади. Ҳозирги кунда жаҳонда оила- турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишнинг таъсирчан тизимини яратиш, ундан жабрланган шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш ҳамда бу борада самарали виктимологик аҳамиятга эга бўлган профилактика ишларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича комплекс чора-тадбирлар, хусусан аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-январдаги “2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармонининг 69-мақсадида хотинқизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш бўйича қуйидаги вазифалар белгиланган:

– жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

– гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоийсиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш;

– хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотинқизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш;

– ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш;

– тураржойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш;

– оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш;

– “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар томонидан хотинқизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш. Табиийки, шахснинг шаклланишида оиладаги ижтимоий муҳитнинг таъсири катта бўлиб, унинг ҳуқуқбузар сифатида шаклланиши ёки комил инсон бўлиб камолга етишишида оиланинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, “...ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Жиноятчилик номақбул ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий муҳитдагина илдиз отиши мумкин”.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, уни турли таҳдид ва тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиш, хусусан, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш мақсадида республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар ҳузуридаги “яраштириш комиссияси”, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи каби махсус институтларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Бироқ, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, қасддан одам ўлдиришнинг 29,6 фоизи, қасддан баданга турли даражада шикаст етказишнинг 23,5 фоизи, ҳақорат қилишнинг 15,0 фоизи, безориликнинг 6,1 фоизи айнан оила турмуш муносабатлари доирасида содир этилмоқда. Мазкур жиноятларнинг сабаблари ва содир этилишга имкон берган шарт-шароитлар ўрганилганида, оиладаги носоғлом ижтимоий-руҳий муҳит турли низо ва жанжалларнинг келиб чиқишига ҳамда бунинг оқибатида шахснинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган жиноятларнинг содир этилишига олиб келган. Зўравонлик шахснинг руҳиятига турли усуллар билан таъсир кўрсатиш, руҳий зўриқишни келтириб чиқариб шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва эркинлигини чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этишдир. Таъкидлаш керакки, оила турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш учун, энг аввало, ушбу турдаги жиноятларнинг сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитларни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш келгусида уларнинг содир этилишига йўл қўймаслик борасида тизимли комплекс профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутади. Зеро, “жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади”. Нотинч оила – кундалик ҳаёт (турмуш)да оила аъзолари (эр билан хотини, қайнона (қайнопа, қайнсингил) ва келин, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида фикрлари бир-бирига тўғри келмаслиги, келишмовчилиги ва уриши оқибатида вужудга келадиган низоли вазият тушунилади. Оиланинг шахс маънавий шаклланишидаги аҳамияти юқори бўлиб, инсон шахсининг пойдевори оилада қурилади. У ўзини ўраб олган дунё ҳақидаги дастлабки билим ва тасаввурни, ахлоқ нормаларини, тарбиявий сабоқни айнан оилада олади. Оилада маънавийруҳий муҳитни соғломлаштиришнинг энг асосий йўналишларидан бири оиладаги тарбия ҳисобланади. Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир оиланинг бошқа оилалардан фарқи бўлиб, унинг ўз тарбия муҳити бўлади. Оиладаги тарбияда, энг аввало, ота-она тарбияси, сўнгра болалар тарбияси муҳим ўрин тутади. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, оилада тарбия масаласида йўл қўйилган хато ва камчиликлар тузатиб бўлмас оқибатларни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Оиладаги носоғлом ижтимоий муҳит нафақат оилада тарбияланаётган фарзандларнинг, балки барча оила аъзоларининг ахлоққа зид хатти-ҳаракатлар содир этишига ва улар ўртасида вужудга келадиган ижтимоий муносабатлар жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Бу, ўз навбатида, оилада турли низолар ҳамда криминоген вазиятларни келтириб чиқаради. Юқорида таҳлил қилинган сабаб ва шароитларнинг асосий қисмини оиладаги салбий муносабатлар ва носоғлом ижтимоий муҳит ташкил этади. Зеро, оиладаги салбий муносабатларни криминологик нуқтайи назардан тузатиш профилактик чоралар тизимидан иборат бўлиб, улар оилага таъсир кўрсатиш йўли билан нафақат оиладаги жиноятларнинг, балки бошқа барча жиноий қилмишларнинг ҳам олдини олишга қаратилади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, оила-турмуш доирасида содир этилаётган низоларнинг келиб чиқишига миллий урф-одат ва қадриятларнинг эътироф этилмаслиги, оиладаги носоғлом муҳит, ичкиликбозлик, оила аъзоларининг салбий хулқ-атвори каби салбий омиллар ўзининг таъсирини кўрсатмоқда. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун, энг аввало, оилада соғлом муҳит яратиш лозим. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим: ота-она, жамият эътиборидан четдан қолган бола оилага қувонч ва фойда ўрнига фақат ташвиш келтиради. Шу боис, бола тарбияси, ёшлар билан ишлаш биз учун энг муҳим ва долзарб вазифа бўлиб қолиши шарт”. Бунинг учун, энг аввало, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, вояга етмаганларни миллий урф-одат ва анъаналаримиз руҳида тарбиялаш, бу борада отаоналарнинг масъулиятини ошириш, оила муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш лозим. Чунки, оиладаги носоғлом вазият, уруш-жанжал, оила аъзолари ўртасидаги ғайриижтимоий муносабатлар шахс маънавияти салбий шаклланишининг асосий манбайи ҳисобланади. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, оила турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қуйидаги профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир: биринчидан, маъмурий ҳудудларда яшовчи ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларни ўз вақтида аниқлаб, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан тарбиявий аҳамиятга эга ишларни ташкил этиш; иккинчидан, оила-турмуш доирасида зўравонликка дучор бўлаётган шахслар ўртасида мақсади яширинган ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда ушбу қилмишларнинг латентлигини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш; учинчидан, оиладаги низолар туфайли зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитатсия қилиш ва мослаштириш марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш; тўртинчидан, оила-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликлар сабаб ва шароитлари, ижтимоий хавфи, салбий оқибатлари, оилаларнинг ажралишига олиб келаётган омиллар ҳамда уларнинг барвақт профилактикасига оид видеоролик, видеофилм, реклама ва бошқа бадиий асарлар тайёрлаш ҳамда уларни ОАВда мунтазам намойиш қилиш амалиётини жорий этиш; бешинчидан, оилада миллий қадрият ва урф-одатларга зид, ахлоқ-одоб доирасидаги ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўяётган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга нисбатан тегишли тарбиявий таъсир чораларини кўриш мақсадида бой ҳаётий тажрибага эга шахсларни жалб қилиш; олтинчидан, оиладаги зўрликдан жабрланганларни реабилитатсия қилиш ва мослаштириш марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, оила турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, энг аввало, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитларни ўрганиш, таҳлил қилиш, унинг салбий оқибатларидан шахсларни ҳимоя қилиш ҳамда оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини ташкил этишга хизмат қилади.

 

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг раиси

О.Ҳайитов