ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИКНИНГ ҲАР ҚАНДАЙ КЎРИНИШИГА ҚАРШИМИЗ!
ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИКНИНГ ҲАР ҚАНДАЙ КЎРИНИШИГА ҚАРШИМИЗ!
Барчамизга маълумки, мамлакатимиз тарихида оила жамиятнинг мустаҳкам пойдевори, уни ҳаракатга келтирувчи қудратли маънавият ўчоғи сифатида шаклланиб келган. У инсон камолотининг энг муҳим бўғини, элимизнинг гўзал урф-одатлари ҳамда қадриятларини ўзида сақлайдиган муқаддас ва мўжаз маскан ҳисобланган. Тарихий, илмий-назарий, ҳаётий нуқтайи назардан аҳамият қаратилганда оиланинг маънавий пойдеворини эса оилавий миллий, умуминсоний анъана, қадриятлар билан изоҳлаш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таʼкидлаганидек, “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор”. Дарвоқе, шу ўринда, Фитратнинг “Оила” асарида келтирилган: “Биз фарзандларимизни яхши хулқ эгалари этиб тарбиялашимиз лозим, яъни шундай қилишимиз лозимки, фарзандларимиз имонли, фидокор бўлиб улғайиб, ўз болаларини ислом тараққиётига мувофиқ тарбиялаб, дин ва диндошларини ҳалокат ва харобалик жарлигидан қутқарсинлар. Бу матлабга эришиш учун хотинларимиз ва қизларимиз – миллат оналари тарбия ва илм олишлари лозим, ахлоқ ва билимларини камолга етказишлари зарур”, – деган фикрларни қайд этиш лозимдир. Оила маънавий жиҳатдан етук бўлса, унинг фаровонлиги, тинчлиги, хотиржамлиги ҳам мустаҳкам бўлади. Демак, жамиятнинг ҳар томонлама ривожланиши оилаларнинг мустаҳкамлиги, фаровонлиги, тинчлиги ва хотиржамлигига боғлиқ жараёнлиги намоён бўлмоқда. Оилавий муносабатнинг қонуний ҳимояланиши мамлакатимиз Конституциясида, Оила кодексида ҳам ўз ифодасини топган. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда маънавий-ахлоқий, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан фаровон оилаларни шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан, руҳан соғлом бўлган фарзандларнинг дунёга келишига қулай шартшароитларни яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Янги Ўзбекистон ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворига асос солинаётган даврда оила институтини мустаҳкамлаш, унинг тинчлигини, хотиржамлигини ҳамда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ва самарали ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.Давлатимиз раҳбарининг “Аёлларни давлат ва жамият ҳаётига кенг жалб этиш ислоҳотлор самарадорлиги ҳамда иқтисодий ўсишини таъминлаши – амалиётда ўз исботини топган ҳақиқат. Жинслар тенглигига эришиш моҳиятан инсонга шахс сифатида намоён бўлишга ҳалал берувчи барча ижтимоий тўсиқларни ўрганиш ва бартараф этишдан иборат”, – деган сўзлари ҳам тизимли вазифаларни янада такомиллаштирган ҳолда ўз вақтида бажариш зарур эканлигидан далолат беради. Ваҳоланки, ушбу соҳада ҳамда йўналишда, шу вақтга қадар, жуда катта ҳамда оламшумул ишлар амалга оширилганини ҳам эътироф этиш лозимдир.
Хусусан,Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармонида белгилаб берилган 7 та йўналишнинг бешинчи “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” йўналиши бўйича 71–78-мақсадларнинг моҳияти ҳам оиланинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, Президентимизнинг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сон Фармони ҳамда “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-146-сон қарорида ҳам Янги Ўзбекистонда оила институтини ривожланишида қадриятлардан фойдаланишга алоҳида эътибор берилган. Мамлакатимиз миқёсида бўлиб ўтаётган “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз!” шиори остидаги “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” компанияси ҳам айнан мана шу йўналишдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда жамиятимизда дуч келинаётган хотин-қизларнинг зўравонлик ва тазйиққа учрашишининг олдини олиш ва бундай ҳолатларни бартараф этиш, қолаверса, умуман, йўл қўйилмаслигига эришиш учун барча инсон бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозим. Чунки хотин-қизларга қаратилган зоʻравонликнинг ҳар қандай шакли, тури жамиятимизнинг равнақига катта зарар кўрсатади. Аёлларга нисбатан ишлатиладиган зоʻравонлик туфайли улар эркакларга қатъий боʻйсунувчи шахсга айланишга мажбур бўлишади. Бунинг оқибатида эркин фуқаронинг асосий ҳуқуқларига дахл қилинади. Зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан эмас, руҳий, ахлоқий, иқтисодий ва маиший босим кўринишларида намоён бўлиши мумкин. Ҳақоратлаш, мажбурлаш, зўрлаш, иқтисодий чекловлар қўйиш, мунтазам руҳий қийноққа солиш каби ҳолатлар ҳам зўравонлик сифатида баҳоланади. Баъзи эркаклар томонидан оилага тушган келин барча масалада эрига ва унинг оила аъзоларига буйсуниш кераклиги айтилади. Шу боис, кўпгина эркаклар зўравонлик ўтказади, улар зўравонликнинг айрим кўринишлари одатий ҳолдек туюлади. Хонадондаги зўравонлик, шунчаки, уйдаги жанжал-оиланинг ички ишлари сифатида қабул қилинади. Оилавий зўравонликни ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди. Биламизки, оилада қиз болалар итоатли, сўзсиз бўйсунувчи, катталарга ҳурмат кўрсатиш руҳида камолга етишади. Ўғил болалар эса анча эркин ўсади. Натижада, улар заиф жинс вакилларига нисбатан устунликларини ҳис қилиб туришади. Шунинг учун уйдаги зўравонликларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизми тўғрисида аёллар ўз ҳуқуқларини мукаммал даражада билиши даркор. Ахир, қонун ҳар бир фуқарони зўравонликнинг ҳар қандай туридан ҳимоя қилади. Аслида, ушбу муаммо жаҳондаги ҳеч бир мамлакатни четлаб ўтмаган, у хоҳ ривожланган, хоҳ ривожланаётган ёки учинчи дунё давлати бўлса ҳам. Шунга яраша, бу муаммони бартараф этиш йўналишида кўпгина мамлакатлар ўзига хос тажриба тўплаган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитини яхшилаш борасида шартшароитлар яратилмоқда. Оилавий можаролар ва содир этилаётган ҳолатлар натижасида бузилиб кетаётган оилалар муаммолари мавжудлиги ва бундан кўпроқ аёллар азият чекаётганини инобатга олган ҳолда, уларга кўрсатиладиган психологик, тиббий ва руҳий реабилитатсия йўналишларида амалий чора-тадбирлар кучайтирилди. Шу ўринда айтиш керакки, ҳар қандай соҳани такомиллаштиришда хорижий тажрибани ўрганиш ва уни маҳаллий шароитларимизга мослаштирган ҳолда самарали татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Гендер тенглик ҳам бундан мустасно эмас. “Гендер бу оилавий ва бошқа ҳуқуқий муносабатларда эркаклар ва аёллар ўртасидаги ҳуқуқлар тенглиги ҳамда жамиятда ва шахсий ҳаётда эркаклар ва аёлларнинг ижтимоий роли, мавқейи ва вазифаларини ифодаловчи тушунчадир”. Мазкур таърифдан келиб, айтадиган бўлсак, бизнинг назаримизда гендер тенглиги – ижтимоий тушунча бўлиб, жамиятда эркак ҳамда аёлга яратилаётган ҳуқуқ ва имкониятларнинг тенглиги тушунилади. Шунинг учун хотин-қизларимизга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонликнинг олдини олиш борасида Оʻзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зоʻравонликдан ҳимоя қилиш ҳақида”ги Қонуни36 қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зоʻравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларнитартибга солишдан иборат.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг 2019-йил 2-сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида ҳам гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат эканлиги белгиланган. Бунда хотин-қизларга нисбатан зоʻравонликнинг олдини олиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда ҳаётга мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширишда бу соҳада фаолият олиб бораётган ҳар бир мутахассисдан кучли билим, маҳорат, психологик ва индивидуал ёндашув талаб қилинади. Шуни ёдда тутиш керакки, қайси жамиятда аёл қадрланар экан, оилалар фаровон, фарзандлар тарбияси тўла-тўкис бўлади. Бу эса келажакка томон ёрқин йўлдир. Хулоса ўрнида айтиш лозимки, гендер тенгликка эришиш ҳақиқий демократик қадриятларнинг ажралмас қисми сифатида энг устувор мақсадларимиз қаторига қўйилган. Ўзбекистон ҳам турли мутасадди тузилмалар, жамоат ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг бу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги хорижий тажрибасидан фойдаланмоқда. Бу айниқса, тегишли йўналишда қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг устида ишлашда яққол намоён бўлмоқда. Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида ҳам муҳим вазифалар бажарилмоқда. Халқимиз янги Ўзбекистонни қуриш, Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишдек эзгу ва улуғвор мақсад йўлида бормоқда. Бу жараёнларда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар албатта, ўз самарасини беради. Жамиятда гендер тенгликни таъминлашдан мақсад эса халқимиз демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишдек, ниятларни рўёбга чиқариш, юрт тараққиётини юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шубҳасиз, ушбу мақсад сари ташланган ҳар бир дадил қадам фаровонликка эришишда муҳим пойдевор бўлади. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланганидек, “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтлидир”. Шундай экан, бугун юртимизда ҳар бир йўналиш бўйича ислоҳотлар олиб борилаётган даврда хотин-қизларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши устувор вазифага айланиши керак.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг тергов судяси
А.Хакимов