ЎСМИРЛАР ЖИНОЯТИ - САБАБ ВА ЕЧИМЛАР
ЎСМИРЛАР ЖИНОЯТИ - САБАБ ВА ЕЧИМЛАР
Ўсмирлар жиноятчилиги кўпинча оиладаги муҳитга боғлиқ бўлади
Психолог Зебинисо Аҳмедова вояга етмаганларни жиноят қилишга ундайдиган омиллар ҳақида гапирар экан, улар орасида болага етказилган руҳий ва жисмоний жароҳатни алоҳида та'кидлайди.
«Вояга етмаганлар жиноятларининг аксарияти уларнинг ота-онадан ажралиб чиқиш жараёнида содир бўлади, я'ни ўсмирларда мустақил қарор қабул қилиш жараёни бошланган даврда. Ўсмирнинг вояга етиш даври 9-12 ёш ва 12-16 ёшга бўлинади. Шу вақтда болада ўзига ишонч ва ҳурмат шакллантирилмаса, унинг орзулари ота-она томонидан қўллаб-қувватланмаса, у ўзини ҳеч нарсага қодир эмасдек ҳис қила бошлайди. Натижада бу бола дунёга нафрат билан улғайиши мумкин.
Агар оилада боланинг эҳтиёжлари ва ташвишлари билан ҳеч ким қизиқмаса, унга бепарво бўлиб, фикри э'тиборга олинмаса ва унга нисбатан зўравонлик ишлатилса, у ўз шахсини бузғунчилик ва жиноят содир этиш орқали кўрсатишга ҳаракат қилади. Хуллас, болага руҳий ва тан жароҳати етказилса, у бошқаларга нисбатан шундай ҳаракат қилишдан қўрқмай қўяди.
Ба'зан бир синфдан олийгоҳларга жуда камчилик ўқишга киради. Қолганларида эса жамиятга керак эканликлари тўғрисида шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Кейин улар мардикорлик ёки шунга ўхшаш майда ишларга ўзини уради. Бунинг олдини олиш учун ота-она фарзандини илм олишга рағбатлантириши, ўқиши учун зарур шароитни яратиб бериши керак.
Шунингдек, ота-она билан ишлаш, уларга бола парвариши ва тарбиясини ўргатиш жуда муҳим. Чунки ўсмирлар жиноятчилиги кўпинча уйдаги муҳит билан боғлиқ бўлади», – дейди руҳшунос.
Инсонда ўз хатти-ҳаракати оқибатини англаш 25 ёшдан кейин тўлиқ шаклланади
Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича дастурий принципларга кўра, ўсмир болалар тарбияси ва ҳимояси билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки оила, ижтимоий институтлар, мактаб, маҳалла ва ёшлар ташкилотлари ҳам шуғулланиши керак.
Халқаро тадқиқотлар натижаларига кўра, болада ўз хатти-ҳаракати оқибатини билиш 25 ёшдан кейин тўлиқ ривожланади. Жиноят содир этган ўсмирларнинг 80 фоизида улар улғайгач ижобий характер шаклланиб, жиноят йўлини тарк этишган.
ЮНИСЕФ янги ёндашувни таклиф этмоқда
Бош прокуратура ва унинг ҳузуридаги академия ЮНИСЕФ кўмагида маҳаллий ҳокимликлар билан бирга жиноят содир этган болалар билан алоҳида ёндашув асосида ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқда. Унда турли ташкилотлар вакилларидан иборат 10 нафар профессионаллар жамоаси фаолият олиб бормоқда. Улар қаторига Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия котиби, координатор, ижтимоий ходимлар, мутахассислар, ўқитувчилар, фасилитаторлар, шунингдек, Ёшлар иттифоқи ва маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари киритилган.
Лойиҳа доирасида унча оғир бўлмаган жиноятлар (ўғрилик, безорилик, тан жароҳати етказиш, талончилик) содир этган 14–18 ёшли болалар ҳамда ма'мурий ҳуқуқбузарликлар (енгил тан жароҳати, майда безорилик, майда ўғрилик) содир этган 16–18 ёшли болалар комиссия тасарруфига юборилади. Сўнгра жамоа а'золари болалар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларини аниқлайдилар, ўсмирларнинг ҳуқуқбузарлик хулқини ўзгартириш учун индивидуал чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, уни амалга оширадилар.
«Асосий шарт – бола ўз хатосини тушуниб етиши»
Лойиҳа доирасида иш олиб бораётган ижтимоий ходим Мадина Гобозова бу фаолиятнинг ижобий жиҳатларига тўхталди.
«Ушбу янги ёндашув сабабли болаларга нисбатан муносабат умуман бошқача бўлади. Асосий шартлардан бири боланинг ўз хатосини тушуниб етиши ва уни тузатишга рози бўлишидир. Кейин боланинг ўзи билан биргаликда режа ишлаб чиқиб, уни амалга оширишга оила а'золарини ҳам жалб қиламиз» – дейди Мадина Гобозова.
«Ўсмир билан ишловчи терговчи ва судялар ўсмир психологиясини билиши керак»
Адвокат Абдумалик Абдуллаев вояга етмаганлар учун алоҳида суд ташкил қилиниши талаблари қандай бўлишини изоҳлади.
«Вояга етмаганлар учун алоҳида суд тизими бўлиши керак деб ҳисоблайман. Бунда судя, терговчи ва адвокатдан болалар билан ишлаш борасида тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлиши талаб қилинади.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилган барча жиноят турлари билан фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари шуғулланиши тўғри эмас. Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, ма'лум бир тоифадаги мутахассислар ҳам жалб қилиниши қонунчиликда ма'лум мезонлар билан белгилаб қўйилиши керак.
Вояга етмаганлар ишини кўриб чиқадиган судяларга психология фанини ўрганиш талаби қўйилиши керак, деб ҳисоблайман. Ҳозирда вояга етмаган шахс ишини кўриб чиқадиган судялар ўсмирлар билан мулоқот қилишга тайёр эмас. Улар психологик тестлардан ўтганларидан кейин вояга етмаганларнинг иши билан шуғулланиши мумкин, деб ўйлайман» – дея ўсмирлар суди ташкил этилишининг муҳимлигини асослади адвокат.
Хулоса
Ўсмирлар психологияси жуда нозик бўлиб, бу ёшдаги арзимаган ҳаракат ҳам уларнинг ким бўлиб улғайишига та'сир қилади. Ўсмирлар орасида жиноятчиликнинг кўпаймаслиги учун оиладаги муҳитни яхшилаш, ота-оналарнинг саводхон бўлиши жуда муҳим.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги «Болалар ҳимояси» дастури таклифига кўра, ўсмирлар жиноятини кўриб чиқадиган суд ташкил қилиниши уларнинг қайта жиноят қилмаслиги, ўз хулқ-атворини яхши томонга ўзгартиришга ёрдам бериши мумкин. Чунки ўсмирлар судида ўсмир психологиясини ўрганган мутахассислар ишлаши бу ишни енгиллаштиради.
Ўзбекистонда ўсмирлар жинояти кўриб чиқилаётган суд жараёнларида терговчи, судя, адвокатларнинг ўсмирлар психологиясини ўрганишига эҳтиёж сезилмоқда. Бундай суд ташкил қилинмаса ҳам, улар билан ишлайдиган терговчи, судя ва адвокатларни ўсмирлар психологиясига ихтисослаштириш яхши самара беради. Чунки судланганлиги расмий равишда қайд этилган вояга етмаганлар кўпинча камситиш ва жиноятчи сифатида тамғаланиш ҳолатларига дуч келади.
Жиноятнинг хавфлилик даражасига қараб ўсмирлар билан судлар эмас, балки уларга ўзининг хулқ-атворини тузатишига имкон берадиган ижтимоий гуруҳлар ишлаши уларни жиноятчилик йўлидан қутқариб қолиши мумкин.
Жиноят ишлари бшйича Қизириқ туман суди раиси
О.Ҳайитов