ҚИЗИРИҚ ТУМАНИДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ.

Қизириқ тумани “Шодлик” маҳалласи ҳудудида "Qiziriq Textile" МЧЖ томонидан қиймати 54 млрд. 500 млн. сўм бўлган йилига 4 млн дона тайёр кийимлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган тайёр трикотаж махсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушди. Корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг 40 фоизи ички бозорга сотилади ҳамда 60 фоизи (йилига 1.0 млн доллар) экспорт қилинади.
Мазкур текстил корхонасида икки сменада иш ташкил этилиши ҳисобига 500 нафар хотин-қизлар доимий иш ўрнига қабул қилинади.

Туман ҳокими Рустам Пардаев ҳамда нуроний отахонлар, тумандаги мутасадди корхона ва ташкилот раҳбарлари билан биргаликда корхона фаолияти ҳамда ишчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига, маҳаллаларда ишсиз хотин-қизларни мазкур корхонага ишга жойлаштириш жараёнини самарали ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. 
Шу билан биргаликда, ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳолига қулайликлар яратиш, уларнинг даромадларини ошириш бўйича аниқ мисоллар билан йўналиш кўрсатилиб, масъулларга вазифалар юклатилди.