Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 46-моддасида назарда тутилган аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддасида назарда тутилган бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган нормаларига асосланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексидан иборатдир.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси республикамизнинг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ташкил этувчи барча жиноий-ҳуқуқий меёрларнинг асосий ва ягона шакли ҳисобланади. Жиноий-ҳуқуқий меёрлар билан боғлиқ янги қонун ҳужжатлари қабул қилинган тақдирда улар мустақил равишда қўлланилмасдан, мажбурий тартибда Жиноят Кодексига киритилиши талаб этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси ўзининг ички узвий бирлиги ва бир-бирига ўзаро боғлиқ жиноий-ҳуқуқий меёрларнинг мустаҳкам тизимга эга эканлиги билан ажралиб турувчи жиноят ҳуқуқи принципларини, жиноий жавобгарлик асослари ва шартларини, жиноят деб эътироф этиладиган ижтимоий хавфли қилмишларни, бундай қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг тури ва чегарасини белгилаб берувчи қонун ҳужжатидир.
Жиноят Кодексига жиноий-ҳуқуқий меёрларни мустаҳкамлашнинг асосий ва ягона шакли мақомининг берилиши жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ягоналаштириш ҳамда мустаҳкамлашга, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралари ходимлари учун меёрий материаллардан фойдаланишни осонлаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга хизмат қилади. Ушбу жараён қонунчилик техникасини такомиллаштириш баробарида қонун чиқарувчи орган томонидан жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўзгартириш киритиш йўли билан шакллантириб Жиноят Кодексининг таркибий қисмига сингдириб юбориши ижобий таъсир кўрсатади.
Жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсларга нисбатан қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:
а) жарима;
б) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
б1) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
в) аҳлоқ тузатиш ишлари;
г) хизмат бўйича чеклаш;
д1) озодликни чеклаш;
е) интизомий қисмга жўнатиш;
ж) озодликдан маҳрум қилиш;
з) умрбод озодликдан маҳрум қилиш
Ахлоқ тузатиш ишлари шахс иш ҳақининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган холда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат бўлиб, жазо суднинг ҳукмига мувофиқ маҳкумнинг ўз иш жойи ёки мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўталади.
Ахлоқ тузатиш ишлари олти ойдан уч йилгача муддатга тайинланади.
Ахлоқ тузатиш ишлари пенсия ёшига етганларга, меҳнатга қобилиятсизларга, ҳомиладор аёлларга, ёш боласини боқиш учун таътилда бўлган аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди.
Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўтишдан бўйин товлаган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.
Ўзбекистон республикаси ЖКнинг 46-моддаси тўртинчи қисми маҳкумнинг жазони ижро этишдан бўйин товлаган ҳолларда аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини алмаштириш лозимлиги кўрсатилган. Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган қисмини шу муддатдаги озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазоси билан алмаштиради. Шундай қилиб, аҳлоқ тузатиш ишлари жазонинг бир тури-озодликдан маҳкум қилиш билан алмаштиришга йўл қўйилади. Бошқа жазо турларига алмаштириш жиноят қонунида назарда тутилмаган. Шуни назарда тутиш керакки, ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилганда унинг бир қисмини алмаштиришга йўл қўйилмайди, яъни у тўлиқ миқдорда алмаштирилиши лозим.
Аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини озодликдан маҳкум қилиш жазосига алмаштириш, маҳкум аҳлоқ тузатиш давомида унинг бўйин товлаган вақтининг умумий миқдори жазо тайинланган жами муддатининг ўндан бир қисмидан кўпроғини ташкил этгандагина амалга оширилиши мумкин.
Аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш ички ишлар органлари томонидан киритилган тақдимнома ёки жамоат бирлашмасининг илтимосига асосан ЖПКнинг 539-моддасида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
ЖКнинг 60-моддасига асосан Агар маҳкум ҳукм чиқарилганидан кейин жазони тўла ўтамай туриб, янги жиноят содир этса, суд янги ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман кўшади.
Агар бир жинояти учун ҳукм чиқарилганидан кейин шахс жазони ўташ муддати давомида янги жиноят содир этса, маҳкумга бир неча ҳукмлар юзасидан ёки ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланади.
Суд узил-кесил жазо тури ва миқдорини, янги ҳукм бўйича илгариги ҳукм юзасидан ўтолмай қолган жазо муддатига тўлиқ ёки қисман қўшиш йўли билан қатъий жазо тайинлайди.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг судя ёрдамчиси
Х.Абдусаломова
© Қизириқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати веб-сайтлари 2025