Коррупцияга қарши курашишда бирдек масъулмиз
Жамият ҳаётида коррупцияга қарши курашиш ва уни тизимли равишда профилактика қилишда давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолияти бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ҳисобланади.
Шундай экан, кун тартибидаги масаланинг нақадар ўткир муаммолардан бири эканлиги бўйича эътиборингизни қуйидаги рақамларга қаратмоқчиман.
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда мамлакатимиз “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилотининг индексида 42 поғонага кўтарилди ва бу борада минтақамизда энг юқори ўринни эгалламоқда. 2030 йилга қадар мазкур рейтингдаги ўрнимизни яна 50 поғонага яхшилаш мақсадини кўзланган. Жорий йилда Ўзбекистон “Open Data Inventory” рейтингида эса 30-ўринга кўтарилди. Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқида таъкидланганидек, “бугунги кунда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилмоқда. Аммо, бу катта рақамлар ҳақиқий ҳолатни ва коррупция натижасида кўрилаётган реал зарарнинг аниқ ҳажмини тўлиқ ифода этмайди. Энг ёмони – жамият кўрадиган маънавий зарар кўламини ҳеч қандай қиймат билан ўлчаб бўлмайди”.
Коррупциянинг салбий оқибатларининг зарари глобал ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоиздан ортиғини ташкил этса, ҳар йили глобал миқёсда коррупция туфайли давлат харидлари фондларининг 25 фоизгача қисми йўқотилади.
Жорий йилнинг 19 декабрь куни пойтахтимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топширишга бағишланган тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев муҳим ташаббусларни илгари суриб, “коррупцияга қарши курашиш ҳар бир виждонли инсоннинг, ҳар бир демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир” деб таъкидлади. Ўз навбатида, миллий ва хорижий экспертларнинг таъкидлашича, бундай салмоқли тадбирнинг Ўзбекистон пойтахтида ўтказилиши мамлакатимиз раҳбарининг бу борадаги амалга ошираётган ишларининг самарадорлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётганидан далолатдир. Аммо, шундай ижобий ўзгаришлар шароитида айрим нопок амалдорларнинг давлатимиз раҳбарига камарбаста бўлиш ўрнига аксинча, коррупция ботқоғига ботиб, жамият тараққиётига ғов бўлиб, умри давлат ва жамиятнинг бугуни ҳамда келажагига хиёнат қилиш, ёш авлод онгини заҳарлаш билан ўтаётганлиги кенг жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу эса, давлат хизматчиларига нисбатан халқнинг ишончини пасайиши, юқори турувчи органларнинг имиджини тушиши каби салбий ҳолатларни юзага келтирмоқда.
Шу ўринда савол туғилади: бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг замонавий раҳбари қандай сифатларга эга бўлиши керак?, уларни лавозимга тайинлашда қайси мезонлар устуворлик қилиши лозим?
Ушбу саволларга жавоб топишда “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 22 февраль кунидаги №36 (825)-сонида таниқли сиёсатшунос олим Пахрутдинов Шукритдин Ильясовичнинг “Янги Ўзбекистонда демократик жамият ва раҳбар масъулияти” номли мақоласидаги фикрлар эътиборимни тортди.
Жумладан, ушбу мақолада “......бугун раҳбарлар ўзини қийнаши керак. Чунки жамият хавфсизлигини таъминлаш вазифаси барча раҳбарларнинг бурчидир” деб раҳбарлик сифатлари очиб берилган. Олим таъкидлаганидек, бугунги замонавий раҳбар доимо ўз нафси устида ишлаб, шахсий ривожланиши, эл-юрт манфаатларида йўлида фидоиийлик кўрсатиши, бошқарувни бўшаштирмаслик, салбий иллатларга берилмаслик кабиларга қатъий амал қилиши талаб этилади. Шу билан бирга, бугунги раҳбар ўз жамоаси аҳволи, ходимларнинг ижтимоий-сиёсий кайфияти, дунёқараши, орзу-интилишлари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиши шарт. Буларнинг барчаси жамланиб ислоҳотлар самарадорлигини таъминлайди.
Бу эса ўз навбатида, коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, давлат ҳокимияти органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаш ва бажариш орқали мамлакатимиз барқарор тараққиётига таҳдидларни бартараф қилиш имкониятини оширади. Шунингдек, бу масъулиятли ва муросасиз кураш йўлида Янги Ўзбекистон заминида демократик илоҳотлар ортга қайтмас тус олган ўзгаришлар шароитида ҳар бир бўғин раҳбарларининг ўз фаолияти самарадорлигини кўрсатишига тўсқинлик қиладиган сабаб ва омилларнинг пасайишига олиб келади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг судья ёрдамчиси
Х.Абдусаломова
© Қизириқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати веб-сайтлари 2025
2 изоҳ