Қизириқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати
ОИЛА БАХТЛИ БЎЛСА, ЖАМИЯТ МУСТАҲКАМ БЎЛАДИ
Эълонлар / 2025-05-22

ОИЛА БАХТЛИ БЎЛСА, ЖАМИЯТ МУСТАҲКАМ БЎЛАДИ

Дунёда шундай бир гўша борки, ҳар биримиз унга интиламиз. Ишдан, меҳнат жараёнларидан ушбу маскан сари шошамиз. Унда бизни чорлайдиган яқинларимиз меҳри, умримиз мазмуни бўлган фарзанду набираларимиз юрак тафти мужассам.
Бу албатта, оиламиздир.
Оила — инсон учун муқаддас ва улуғ даргоҳ. Инсон шу даргоҳда туғилади, ўсади, унади, вояга етади. Оилани жамиятнинг кичик бир парчасига қиёслаш мумкин. У жамиятнинг муқаддас, асосийси тарбия маскани ҳамдир.
Оиладаги ота ибрати, она меҳри, бобо ва бувилар ўгитлари орқали миллий қадриятларимизга бўлган имон-эътиқод, ҳалоллик, меҳр-оқибат авлоддан-авлодга ўтади, фарзандларимиз онги ва қалбида муҳрланиб боради.
Иқтисодий жиҳатдан фаровон, ижтимоий-ахлоқий ва ғоявий муҳити соғлом оила негизида юзага келган жамият ва давлатнинг пойдевори мустаҳкам бўлади. Чунки бундай оилаларда маънавий баркамол инсон вояга етади.
1993-йил 20-сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Халқаро оила йили тўғрисида”ги резолюцияси қабул қилинган. Ушбу халқаро ҳужжатга мувофиқ, 1994-йилдан бошлаб 15-май – Халқаро оила куни сифатида дунёнинг деярли барча давлатларида кенг нишонланиб келинади.
Ушбу санани нишонлашдан асосий мақсад оилалар билан боғлиқ муаммоли масалаларга давлат ва жамоатчилик эътиборини қаратиш, оилалар аҳволига таъсир этувчи ижтимоий-иқтисодий ва демографик жараёнлар ҳақидаги билимларни чуқурлаштиришдан иборат. Зеро, оиладаги маънавий муҳит, соғлом кайфият, барқарорлик жамият ҳаётининг асосини таъминловчи кучдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида оила манфаатини ҳимоя қилиш, оиланинг жамиятдаги мавқеи ва мақомини янада юксалтириш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018-йил 27-июндаги тегишли қарорига мувофиқ, 2019-йилдан эътиборан юртимизда ҳар йили 15-май — Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланяпти.
Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, оила, фарзанд каби тушунчалар жамият асоси ва ҳар биримизнинг ҳаётимиз мазмуни ҳисобланади. Халқимиз азал-азалдан оилани муқаддас билиб, унда соғлом муҳит қарор топиши, мустаҳкам бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётгани боиси ҳам шунда.
Айниқса, охирги 7-8 йилда мамлакатимизда жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ва уларнинг фаровонлик даражасини ошириш бўйича муайян ишлар қилинди.
Меҳр-муҳаббат қўрғони бўлган оила институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, оила ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оила ва хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича салмоқли ишлар бажарилди.
Биргина мамлакатимизда жорий этилган “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби ижтимоий лойиҳалар алоҳида эҳтиёжли оилаларни қўллаб-қувватлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларини бартараф этиш имконини бераётир.
Президентимиз ташаббуси асосида маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, оилаларнинг аҳволини ўрганиш, уларни ўйлантираётган масалаларга тезкор ечим топиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар самарасини бугун одамлар ўз ҳаётида сезмоқда.
Кейинги йилларда ёш оилалар учун қурилаётган уй-жойлар, узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ҳам оила институтига бўлган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир. Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида тўрт йил олдин ипотека тизимининг бозор тамойилларига асосланган янги тартиби жорий қилинган эди. Қисқа вақт ичида эса 100 триллион сўм маблағ ҳисобига ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй барпо этилди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 250 минг оила янги бошпанали бўлди. Даромади юқори бўлмаган 45 мингта оилага бошланғич бадал ва фоиз тўлови учун 2,4 триллион сўмлик субсидиялар берилди. Хусусан, биргина ўтган йилда мамлакатимиз бўйича 85 мингта хонадон қурилиб, 17 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Умуман, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Шу мақсадда, аввало, миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилиб, опа-сингилларимиз учун янада кенг имкониятлар яратилаётир.
Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини, у жамият ва давлат муҳофазасида эканлигини, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилгани мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашга қай даражада катта эътибор қаратилаётганини англатади.
Умуман олганда, оила жамиятнинг энг муҳим бўғинидир. Шундай экан, ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша ўз бағрига чорлайдиган оилалар доим мустаҳкам бўлсин. Маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат айтганидек, авлодни тарбиялаш инсониятнинг хизматидир. Қачонки, биз яхши ахлоқ эгаси, билимли, касб-ҳунарли фарзандларни тарбияласак, шундагина бу хизмат мажбурияти соқит бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг девонхона мудири
F.Choriyev


Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
  • Ҳозир сайтда
  • 4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси