Қизириқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати
ДИНИЙ БАҒРИКEНГЛИК – МАМЛАКАТ БАРҚАРОРЛИГИ ГАРОВИ
Эълонлар / 2025-05-22

ДИНИЙ БАҒРИКEНГЛИК – МАМЛАКАТ БАРҚАРОРЛИГИ ГАРОВИ

Инсоннинг туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, яқинлари – Ватан тушунчасида мужассам.
Шу боис Ватанга муҳаббат, аввало, ота-она, ака-ука, ёр-биродарга ҳурмат, эҳтиромда намоён бўлади. Ўзи туғилиб, вояга етган заминга меҳр бериш, юрт тупроғини муқаддас билиш, шу заминга бир умр фарзандлик садоқати билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз.
Маълумотларга кўра, ер юзида икки юзга яқин давлатда 7000 тил ва лаҳжада сўзлашувчи 7,7 миллиард аҳоли истиқомат қилади. Жаҳоннинг этник харитасига назар ташласак, бугунги кунда дунёда бир неча юздан тортиб, бир неча юз миллионгача издошга эга турли динга эътиқод қилувчи 2000 га яқин миллат, элат яшаётганига гувоҳ бўламиз. Шундай экан, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқа ўрнатиш олам аро барқарорлик, осойишталикни таъминлашда асосий омили бўлиб қолаверади.
Халқаро ташкилотлар орасида энг нуфузлиси ҳисобланган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1945 йил қабул қилинган низомида давлатлар ўзаро бағрикенглик руҳида, яхши қўшничилик кайфиятида яшаши, халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши асосий мақсад экани алоҳида таъкидланган.
Ўзбек тилида “бағрикенглик” сўзи орқали ифодаланадиган толерантлик тушунчаси, аслида, “чидамоқ”, “сабр қилмоқ” маъноларини англатиб, инсоннинг шахсий ёндашувидан қатъи назар, муайян фикр ёки қарашни имкон қадар бағрикенглик, тоқат билан қабул қилишни назарда тутади. Хусусан, мазкур тушунча, деярли, барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи маъно касб этиб, “чидам”, “бардош”, “тоқат”, “ўзгача қараш ёки ҳаракатга ҳурмат билан муносабат”, “мурувват”, “ҳиммат”, “меҳр”, “кечиримлилик”, “ҳамдардлик” каби маъноларда келади.
Бугунги глобаллашув жараёнида жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш жаҳон ҳамжамияти олдида турган муҳим вазифага айланган. БМТнинг Фан, таълим ва маданият соҳаларига ихтисослашган ташкилоти - ЮНEСКО томонидан айни йўналишда 70 дан зиёд халқаро ҳужжат, шу жумладан, 1995 йил 16 ноябрда “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси” қабул қилингани ҳам ушбу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади.
Ўзбекистонда мавжуд 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 диний конфессия, 153 миллий-маданий марказ вакиллари ўртасида бағрикенглик тамойилини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бугунги кунда турли динга мансуб қадриятларни асраб-авайлаш, барча фуқароларга эътиқод қилиш ҳамда ибодатни эмин-эркин амалга ошириш учун зарур шароит яратиб бериш, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш юзасидан юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил
12 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси асосида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилиниши мамлакатимиз ушбу йўналишда эришаётган натижаларнинг халқаро эътирофи, дейиш мумкин.
Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида эса турли миллат-элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаш, дўстона муносабатни янада сайқаллаштириш устувор масала бўлиб қолиши таъкидланган.
Маълумки, ҳар бир дин ўз издошини миллати, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, бирдамликка, ўзаро яхшилик қилишга ундайди. Жумладан, ислом динидаги “жамоатдан ажралмаслик”, “одамларнинг яратган олдидаги тенглиги” ғояси бунинг ёрқин мисолидир. Барча инсонлар жинси, ирқи, ранги, ижтимоий келиб чиқишига қарамай, баробар ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадисларда: «Инсонлар тароқ тишлари каби тенгдирлар. Арабнинг бошқа халқлардан, оқнинг қорадан, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ. Фақат, тақвода холос», дейилган.
Қуръонда, “Рум” сурасининг 22-оятида одамлар тили ва рангидаги фарқ Яратганнинг мўъжизаси экани таъкидланган. Миллий ва диний ранг-баранглик ҳамда эътиқод эркинлигини қарор топтириш масаласида Қуръон бутунлай бағрикенглик руҳи билан суғорилган, десак муболаға эмас. Аллоҳ, дастлаб, одамзодни бир уммат қилиб яратди, сўнгра кишиларни турли қабила, халқ ва динга ажратди. Бундай ранг-барангликдан мақсад инсонларни умумий фаровонлик йўлида ўзаро мусобақалашишга тарғиб қилишдан иборат. “Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!” (Юнус, 99) оятидан турли-туман, Яратган томонидан ўрнатилган динларни бекор қилиш ёки ҳаммани бир дин байроғи остида зўрлаб бирлаштириш мумкин эмаслиги келиб чиқади.
Бағрикенглик масаласида пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис-салом) ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга намуна бўлдилар. Нажрондан Мадинага ташриф буюрган насронийлар жамоаси ўз ибодатини бажариб олишлари учун Расулуллоҳ (алайҳис-салом) масжиди набавийни ажратиб берганлари тарихдан маълум ва машҳур. Шунингдек, у зот аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам турли ҳадялар қабул қилардилар. Қўшничилик одоби, кимсага яхшилик қилиш борасида Расулуллоҳ (алайҳис-салом)дан жуда кўп ҳадис ворид бўлган.
Абу Ҳурайра (r.a.)dan ривоят қилинади: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин». Уламолар мазкур ҳадисни ўрганиб чиқиб, яхшилик фақат мусулмон қўшнига эмас, балки, бошқа дин вакилига ҳам бирдек қилинади, дейдилар. Бу борада қуйидаги ривоят нақл қилинади: Бир куни саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Умар (r.a.) хизматкорига бир қўй сўйишни буюрадилар. Хизматкор ишга киришгач, унга «Қўйни сўйиб бўлгандан кейин, гўшт тарқатишни яҳудий қўшнимиздан бошлагин», дея такрор-такрор таъкидлаб, сўнг «Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг: «Жаброил менга қўшничилик ҳақи борасида шу даражада кўп кўрсатма бердики, мен қўшни ҳам мерос олса керак деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман, дедилар.
Қуръонда олам барча халқ ва дин вакиллари тинч-тотув яшайдиган замин, деб эълон қилинган. Умуман, Қуръони каримнинг элликдан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик, бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилган. Демак, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто, ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб, ҳамма билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватга барҳам беришга чақирган.
Таассуфки, бугунги кунда диндан ўзаро адоват уйғотиш ҳамда айирмачилик мақсадида фойдаланишга уринаётган кучлар мавжуд. Бундайлар асрлар оша бир ўлкада яшаб келган турли халқ ёки дин вакиллари орасига низо уруғини сочиш орқали жамиятда ижтимоий вазиятни издан чиқариш, шу йўл билан ҳокимиятни қўлга киритишдек манфур мақсадни кўзлайдилар.
Ислом олами лигасининг “Исломда тинч-тотув яшаш” мавзусидаги конференцияси якунловчи баёнотида шқндай жумлалар келтирилади: “Ислом дини барча миллат, халқ ва давлатлар ўртасида тинч-тотув яшашга буюради ва қуйидагиларни муҳим деб ҳисоблайди:
– исломнинг энг юксак ғояси бўлган тинчликни тарғиб қилиш ва инсонлар хавфсизлигини таъминлаш;
– инсоннинг шаънини улуғлаш, ҳуқуқини ҳурмат қилиш;
– ўзгаларни динга мажбурламаслик, уларга нисбатан адолатсиз бўлмаслик.
Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида азалдан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга, хилма-хил динга эътиқод қилган халқлар яшаб келади. Ўлкамиз жўғрофий-сиёсий жиҳатдан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқалар мавжудлиги диний ва маданий ҳаётда ҳам ўз аксини топган. Ўз навбатида бу ерда яшаган туб аҳолининг маданияти ҳам бошқаларга таъсир ўтказган ва ўзига хос турмуш тарзини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилган.

Асрлар мобайнида шаҳар-у қишлоқларимизда масжид, черков ва синагогалар эмин-эркин фаолият кўрсатиб, турли миллат ва динга мансуб қавмлар ҳамжиҳатликда яшаб, ўз диний маросимларини адо этиб келади. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний можаро кузатилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Маълумки, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва менталитетимиз асосини ташкил этади”. Бу миллати ва динидан қатъи назар, инсонни ардоқлаш, ўзгаларни қадрлаш, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатиш каби туйғулар аҳолининг қон-қонига сингиб кетганидан далолат. Айнан шу сифатлар халқимизга хос диний бағрикенгликнинг маънавий асосини ташкил қилади.
Бой тарихий тажрибанинг давоми сифатида бугунги кунда ҳам юртимизда турли миллат ва элат вакиллари, турфа диний конфессияга эътиқод қўйган шахслар бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаолият кўрсатиши, урф-одати, анъана ва қадриятлари ривожланишида мамлакатимиздаги тинчлик, барқарорлик, миллатлараро тотувлик, айниқса, тинчликсевар халқимизнинг бағрикенглиги муҳим омилдир.
Хулоса қилиб айтганда, бу дунёдаги ҳамма инсонлар ирқи, насл-насаби, келиб чиқишидан қатъи назар, тенгдир.
Таъкидлаш лозим, ҳар бир диннинг ўзига хос ақидаси мавжуд. Бу қоидалар баъзан бир-бирига мутаносиб бўлса, баъзан бир-бирига зид ҳам келиши мумкин. Диний бағрикенглик ана шу хилма-хиллик асосида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олади, турли эътиқодлар ёнма-ён ва бир пайтда мавжуд бўла олиши учун хизмат қилади. Бу эса диний бағрикенглик асосида турли дин ва миллат вакиллари ўз эътиқодини эмин-эркин амалга ошириши учун замин яратади.

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг архивариуси
T.Tilovova


Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
  • Ҳозир сайтда
  • 4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси