МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК ГАРОВИ
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик ғоясини ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратди. Миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни ривожлантириш учун барча ҳуқуқий асос ва зарур шарт-шароитлар яратилди.
Бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бунда кўпмиллатли жамиятимиз фуқаролари онгида ҳақиқий ватанпарварлик, халқпарварлик ва инсонпарварлик туйғусини шакллантириш бу соҳадаги ишларнинг муҳим йўналишига айланди. Миллатлараро дўстлик ва ҳамкорлик йўли билан маданий, маърифий ва маънавий юксалиш сари шаҳдам қадамлар ташланди. Азиз ва муқаддас бўлган жонажон юртимизда турли миллат вакилларининг тинч ва тотув истиқомат қилаётганлиги, ягона Ватан тушунчасининг қалбларда ҳукмрон эканлиги мамлакатимиз мустақиллиги ва тараққиётининг муҳим гарови бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистондек жаннатмакон бир ўлкада миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, миллатларнинг ҳар томонлама равнақ топиши, уларнинг миллий қадриятларини сақлаб қолиш, урф-одатлари ва анъаналарининг ривожланишига барча имконият ҳамда шарт-шароитлар яратиб берилганлигини мамнуният билан қайд этиш лозим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда сўнгги йилларда бу борада амалга оширилган ислоҳотлар ва унинг натижалари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётир. Бинобарин, мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга оид изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиш ва ўз иқтидорини намойиш этиши каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол этилаётган бир даврда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшамоқда.
Эътиборли жиҳати, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026-йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида бу борадаги хайрли ишларни изчил давом эттириш ва юқори босқичга кўтариш билан боғлиқ муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Тараққиёт стратегиясида белгиланаётган вазифалар бу борадаги ишларимизга янада кенг йўл очиб беради, имкониятларимизни янада кенгайтиради, миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиради. Ундаги турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини юксалтириш, миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш ҳамда хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги кўрсатмалар фаолиятимизни янада ривожлантиришга замин яратади.
Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган бўлиб, кўп миллатли халқимизнинг саъй-ҳаракатларини олижаноб ғоя — мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, кучли ва адолатли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш ғояси атрофида бирлаштиришга хизмат қилади.
Мамлакатимизда энг йирик миллий маданий марказлардан бири бўлган қозоқ миллий маданий марказимиз жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида самарали фаолият юритиб, жамиятимизда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришга мана 30 йилдирки, салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Марказимиз томонидан миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, қардош ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги абадий дўстлик ва яқин ҳамкорлик ришталарини янада ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги адабий-маданий, маънавий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида турли тадбирлар ўтказилиб, халқларимиз ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратмоқда.
Айни пайтда жорий йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллиги, маданий марказимиз ташкил этилганининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш ва кенг нишонлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Биз турфа маданият ва қадриятлар гуллаб-яшнаётган мамлакатимизда сиёсий барқарорлик ва диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликнинг тобора уйғунлашиб бориши, қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига муносиб хиссамизни қўшаверамиз.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг раиси
O.Hayitov
© Қизириқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати веб-сайтлари 2025