Қизириқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати
Ҳаётга  қарши жиноятлар

Қийнаш

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси янги Конституциясининг 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомилага ёки жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Жиноят ҳуқуқида қийнашнинг бевосита объекти жабрланувчининг соғли­ғи ёки жисмоний дахлсизлиги ҳисобланади.

Объектив томондан жиноят муттасил равишда дўппос­лашда ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнашда ифодала­нади, бунда Жиноят кодекси 104-, 105-моддаларида назарда тутилган оқибатлар келиб чиқмаган бўлиши керак.

Қийнаш – кўп маротаба ёки узоқ вақт давомида оғриқ етказиш билан боғлиқ ҳаракатлар, чимчилаш, савалаш, тўмтоқ ёки ўткир учли нарсалар билан кўплаб, аммо унча катта бўлмаган шикастлар етказиш, қиздирилган буюмлар билан таъсир кўрсатиш ёки бошқа шунга ўхшаш ҳаракат­лардир. Қийнаш жабрланувчига оғир жисмоний ва руҳий азоб, оғриқ, азият беради.

Шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун айбдор ҳаракатида ва жабрланувчига етказилган жисмоний ва руҳий азоб ўртасидаги сабабий боғланиш аниқланиши лозим.

Дўппослаш жабрланувчи баданига кўп маротаба зарбалар бериш, уни уриш билан характерланади.

Қийнаш сифатида баҳоланадиган бошқа ҳаракатлар деганда, санаб ўтилганлардан ташқари уйқудан, овқатдан, сувдан маҳрум қилиш, совуқ жойда сақлаш, боғлаш, тишлаш ва бошқаларни тушуниш лозим.

Қийнашда муттасиллик жиноят ҳуқуқи ва жиноят-процессуал ҳуқуқи каби жиноятни уч карра ва бундан ортиқ марта содир этишдан иборат бўлиб, бу ҳаракатнинг доимий­лигидан, такрорийлигидан далолат беради. Шуни таъкид­лаш керакки, муттасиллик шунчаки айни битта жиноий қилмиш такрорланишинигина эмас, балки унинг ҳаракат­ларида муайян умумий режа намоён бўлишини ёки айб­дорнинг муайян жиноий кўникмалари мустаҳкамланиб бо­ришини кузатиш мумкин бўлган бир қатор ҳаракатларнинг мавжуд бўлишини назарда тутади – унинг бир неча бор такрорланган жиноий қилмишлари бир-бири билан боғлиқ бўлиши керак.

Жиноят дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қий­наш мутта­сил равишда содир этилган пайтдан эътиборан тамом бўлган деб топилади.

Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади. Қилмишнинг мотиви ва мақсади жиноятни квалификация қилиш учун аҳамиятсиздир.

Ушбу жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай шахс бўлади.

Кўриб чиқилаётган модданинг 2-қисмида:

1) вояга етмаган шахсга нисбатан;

2) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;

3) ожиз аҳволдаги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган қийнаш учун жавобгарлик назарда тутилган.

Эҳтиётсизлик орқасидан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш (ЖК 111-моддаси)

Объектив томондан жиноят эҳтиётсизлик орқасидан баданга оғир (ЖК 111-моддаси 1-қисми) ёки ўртача оғир (ЖК 111-моддаси 2-қисми) шикаст етказишда ифодаланади.

Субъектив томондан жиноят эҳтиётсизликдан, жиноий ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик оқибатида содир этилади.

Айбдор ҳаракатлари қасддан содир этилганда ва бунинг натижасида жабрланувчига ЖК 104-моддаси 1-қисми ёки 105-моддасидаги тан жароҳатлари етказилса, айбдорнинг эса уларга кўзи етмаса, лекин кўзи етиши лозим ва мумкин бўлса, унинг ҳаракатлари ЖК 111-мод­дасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим.

Эҳтиётсизликдан енгил тан жароҳати етказиш жиноий жавоб­гарликни келтириб чиқармайди.

Эҳтиётсизлик орқасидан икки ёки ундан ортиқ шахс баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш ЖК 111-модда­си 3-қисмига асосан жавобгарликни келтириб чиқаради.

Агар эҳтиётсизлик орқасидан баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилса ва бу ЖКнинг тегишли моддаларида берилган махсус қоидаларини бузиш оқибатида юз берган бўлса, қилмиш тегишли моддалар бўйича квалификация қилинади (масалан, ҳаракат хавф­сизлиги қоидалари, меҳнат хавфсизлиги, тоғ-кон, қурилиш ёки ёнғинга хавфли иш­ларнинг хавфсизлик қоидалари, санитария-эпидемиологик нормативлар ва бошқ.)

Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган эҳтиётсизлик орқасида баданга шикаст етказиш ЖК 102-моддасига асосан квалификация қилинади.

 

Вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Ж.Убайдуллаев

 

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси